Муборак туманидаги нефт ва газ саноатининг Ўзбекистон иқтисодиёти ва равнақи учун тутган ўрни

Маьлумки Ўзбекистон ноёб энергетика ресурсларига эга. Республикамизнинг бой нефт-газ потенсиали Ўзбекистоннинг энергетика мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, барқарор ижтимоий иқтисодий ривожланишини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш учун олдимизга янги имкониятлар ва истиқболлар очади.
Қашқадарё вилояти замонавий ривожланган инфраструктурага эга йирик саноат ҳудудидир. Қашқадарё вилоятининг Муборак шаҳри эса саноатчилар шаҳри ҳисобланади.
Ўтган асрнинг 50-йилларида Муборак тумани ҳудудида кўплаб нефт ва газ конлари жумладан, Жанубий ва шимолий Муборак, Саталантепа, Жарқоқ, Юлдузқоқ, Қорабайир, Карим, Ўртабулоқ каби кўплаб конлар аниқланди ва таркиби юқори олтингугуртли бўлган газ ва нефт қазиб олиш йўлга қўйилди.
1971-йилда “Шимолий Муборак” конидаги таркиби кам олтингугуртли бўлган бир неча газ қудуқларидан қазиб чиқарилган газни қайта ишлаш учун дастлабки блоклари қуриб битказилган Муборак газни қайта ишлаш заводига қувурлар орқали узатила бошланди. Ана шу сана таркибида олтингугурт ва бошқа кимёвий моддаларни ажратиб, қайта ишлайдиган жаҳондаги энг йирик корхонлардан бири бўлмиш Муборак газни қайта ишлаш заводи ишга тушган кун сифатида тариҳга кирди.
1973-йил ноябр ойида газнинг таркиби юқори олтингугуртли бўлган “Ўртабулоқ” конида газни комплекс тайёрлайдиган биринчи қурилма ишга туширилди. Натижада собиқ Иттифоқ газ саноати тизими амалиётида биринчи марта таркибида юқори, яъни олти фоизга яқин олтингугурт, 5,5 фоизгача карбонат ангидриди бўлган табиий газ мазкур қурилмада сифатли тайёрланиб, Муборак газни қайта ишлаш заводига ишлатила бошланди.
Тарихдан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки Муборак шаҳрининг барпо этилишига сабаб ҳам мамлакатимизда нефт ва газ саноатининг ривожланишида “Муборакнефтгаз” ва “Муборак газни қайта ишлаш заводи”нинг ҳиссаси каттадир.
“Муборакнефтгаз” МЧЖ “Ўзбекнефтгаз” Миллий Холдинг компанияси тармоғида асосий етакчи корҳоналардан биридир.
Корхонанинг Кўкдумалоқ, Зеварда, Помуқ, Қўлтоқ, Ўртабулоқ, Денгизкўл, Саталантепа, Шимолий Қуруқ, Умид, Жанубий Кемачи, Муборак каби асосий конлардан олинадиган маҳсулотларни Муборак газни қайта ишлаш заводи, Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводлари ишга туширилди ва ҳозирги кунда халқ хўжалиги учун зарур бўлган қимматли хом – ашё махсулотларидан суюлтирилган газ, олтингугурт, конденсат, авиакеросин, бензин, дизел ёқилғиси, турли хилдаги мой махсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Қазиб олинаётган миллий бойлигимиз қувурлар газ ва нобарқарор конденсат Муборак газни қайта ишлаш заводига, нефт Қоровулбозор ва Олтингугурт заводи нефт қуйиш эстакадаларига ва у ердан темир йўл орқали Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига жўнатилади.
Ўртабулоқ, Денгизкўл, Хаузук ва Саталантепа конларининг гази юқори – олтингугуртли бўлиб, (таркибида олтингугурт водороди 6 % гача) Муборак газни қайта ишлаш заводига олтингугурт олиш учун асосий хом – ашёдир.
Айниқса АҚШнинг “Келлогг” Компанияси билан хамкорликда қурилган Кўкдумалоқ компрессор станцияси ўзининг технологик мукаммаллиги билан дунёда саноқли, МДҲ доирасида эса ўхшаши йўқ иншоотдир.
Ундан ташқари шу пайтга қадар корхонамиз кўплаб чет эл компаниялари (“Нишо Иваи”, “Бейкер - Хьюз”, “Лукойл”, “GEA Tehnofrigo”...) билан ҳамкорликда кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширди ва ҳамкорлик ҳозирги кунда ҳам давом этаяпти.
Шаҳримиздаги Муборак газни қайта ишлаш заводининг асосий вазифаси табиий газни абсорбция йўли билан тозалаш ва кейинги жараён қуритиш; Клаус газ техник методи ёрдамида олтингугурт ишлаб чиқариш; газ конденсатини меъёрлаштириш ҳамда суюлтирилган газ олиш.
Ҳозирги кунда заводда 18 та олтингугуртдан тозалаш қурилмаси, 5 та олтингугурт олиш ва 3 та газ конденсатини олиш қурилмалари ишга туширилган. Қурилмаларнинг йиллик қуввати қуйидагиларни ташкил этади:
• 30,7 млрд м3 – табиий газ;
• 535 минг тонна – суюқ ва кукун холатдаги олтингугурт;
• 741 минг тонна – газ конденсати;
• 17,6 минг тонна – сиқилган углеводород газлари (газқ углеводороднқе стижиннқе марки СПБТ).
Ҳозирга пайтда Муборак газни қайта ишлаш заводида еттинчи навбатдаги қуввати йилига 6,0 млрд м3 газни олтингугуртдан тозалаш учта универсал блок қурилиши олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон нефт ва гази - OGU” халқаро кўргазмаси мамлакатимизда ҳар йили ўтказилмоқда ҳамда унда 50 дан ортиқ давлатларнинг 2 мингдан зиёд компанияларнинг вакиллари иштирок этиб келишмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда жахон ҳамжамиятида томонидан юртимиздаги Муборак газни қайта ишлаш заводи ҳамда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводлари энг йирик ишлаб чиқариш субъектлари дея эътироф этилмоқда.
Ҳозирги кунда республикада қазиб олинаётган газнинг 60 % дан ортиғи, нефт махсулотларининг 70 – 75 %дан ортиғи “Муборакнефтгаз” МЧЖ ҳиссасига тўғри келади.

Тангриева Н.