ФЕРМЕРЛАРГА ЕЛКАДОШ БЎЛАЙЛИК

2017 ЙИЛ ПАХТА ҲОСИЛИНИ НЕС-НОБУТ ҚИЛМАСДАН ТЕРИБ ОЛИШДА ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИГА КЎМАКЛАШИШ ЮЗАСИДАН “НУРОНИЙ” ЖАМҒАРМАСИ ТУМАН БЎЛИМИ, “МАҲАЛЛА” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ТУМАН БЎЛИМИ, ТУМАН ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ, “ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ИТТИФОҚИ” ТУМАН КЕНГАШИ ҲАМДА ТУМАН КАСАБА УЮШМАЛАРИ КЕНГАШЛАРИНИНГ МУБОРАК ХАЛҚИГА
МУРОЖААТИ
Азиз юртдошлар, қадрли ака-укалар, муҳтарама хотин-қизлар!
Биз азалдан ризқу-насибани, нонни, нозу-неьматни азиз билиб ардоқлаган халқмиз. Шу неьматлар орасида оппоқ орзуларимиз билан уйғун бўлган пахтанинг алоҳида ўрни бор. Олтин ва сахий куз маҳсули бўлмиш пахтани она халқимиз, бободеҳқонларимиз ундириб ўстирдилар. Бугун осуда ва тинч юртимизда пахтамизни нес-нобут қилмасдан териб олиш мавсумига, йиғим-терим вақтига ҳам етиб келдик.
Ўзбекона ўйларимиз, қувончу шукронамиз тантанаси бўлмиш тўйларимиз, бошимизда болишимиз, эгнимизда либосимиз, дунёга кўз-кўз қилгулик бунёдкорона ишларимиз, фарзандларимиз таҳсил олаётлан ёруғ ва кенг ўқув даргоҳлари қўйингки кундалик ҳаётимиздаги ҳар бир ютуқ пахтамиз ҳосили билан боғлиқ, албатта!
Инсоният тириклиги учун зарур бўлган нарсалар бизнинг оқ пахтамиз таркибига жо бўлгани айни мўжизадир!
Биз азал-азалдан кенгашиб, бирлашиб жипслашиб ҳашар йўли билан бир мақсад сари ҳаракат қилишни ҳаётий қадриятга айлантирган халқмиз.
Мана шу меҳнаткашлик, ҳамжиҳатлик, фидоийлик фазилатларимиз бугун ҳар доимгиданда зарурроқ.
Маъсулиятни чуқур англаган танти фермерларимиз пахта теримида иштирок этувчи барча теримчилар ва ёрдамчилар учун зарур шароитларни (иссиқ овқат, чой, биринчи теримда бир килограмм пахта терими учун 400 сўмдан, 2-терим учун 520 сўмдан тўлов қилиш ва бошқа қулайликлар) яратишни ўз зиммаларига олишга тайёр эканликларини билдирмоқдалар.
Пахта терими мавсумига иштирок этиш ҳар бир элни ва ўзини қадрлаган фуқаронинг бурчидир! Оқил халқ ўз насибасини увол қилмайди, бебаҳо неъматнинг бир мисқолини ҳам ёғин сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олишга ҳаракат қилади.
Бугунги жаҳон майдонида сиёсий, иқтисодий ва маънавий зиддиятлар авж олаётган таҳликали замонда шукурким, юртимизда жамоат бирлашмалари жипслашиб Сиз азиз халқимизни тўйга, байрамга, яьни дехқонларимиз меҳнату-заҳматда ўстирган, Яратганимиз далаларга сочиб қўйган ризқу- насибамизни териб олиш тантаналарига чорламоқдамиз!
Келинг, ҳар бир толада болаларимиз ризқи, уларнинг порлоқ келажаги жо эканини унутмаган ҳолда Ўзбекистон эркакларига, аёлларига ҳамда ёшларига хос матонат ва шижоат билан меҳнат қилайлик, аждодларимизга хос сабр ва ғайрат билан ишлайлик!
Ҳар бир чаноқларда оппоқ пахтамизнинг бир чигитини ҳам қолдирмасдан, тоза ва сифатли териб олиш ҳар биримизнинг жонажон Ватан олдидаги муқаддас бурчимиз эканлигини унутмайлик!
Ҳосил тўйларига етгунимизгача бўлган олтин дақиқалардан унимли фойдаланиб “оқ олтин”имизни ўз вақтида териб олайлик!
Ён-атрофимиздаги қўни-қўшниларни, яқинларимизни ҳам пахта теримга сафарбар этиб, жамоа ҳаракати билан насибамиз бўлган пахтани тез кунларда териб олишни ташкиллаштирайлик! Сизнинг ҳалол меҳнатингиз самарасига суянамиз !
Пахта далалари бизни кутиб турибди, азизлар!