БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ ЖАРАНГИ

Ҳар йилгидек жорий йилда ҳам 2 сентябр куни мамлакатимизнинг барча умум ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар, касб-хунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида янги 2017-2018-ўқув йилининг бошланиши зўр шодиёналик билан нишонланди.
Жумладан туман халқ таълими муассасаларини методек таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли Қарлиқ қишлоғининг Янги обод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 30-умум ўрта таълим мактабида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Биринчи қўнғироқ” байрам тадбири бўлиб ўтди.
Уни мактабнинг маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари Исомиддин Хўжамуродов кириш ўзи билан очди.
Тадбирда мактаб директори Зокир Ғоппоров сўзга чиқди. У барча ўқитувчи ва ўқувчиларни ҳамда тадбирда иштирок этган меҳмонларни бўлиб ўтган мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги, Ийди Қурбон ҳайити ва 2 сентябрь “Билимлар куни” байрамлари билан мактаб маъмурияти номидан муборакбод этди. Мустақиллик ва Ийди Қурбон ҳайит байрамлари ҳақида гапирди. Янги ўқув йилида ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ўқиш ва ишларида улкан муваффақиятлар тилади.


Янги ўқув йили бошланишига бағишлаб ўтказилган байрам тадбирида мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Фарход Искандаров ҳам сўзга чиқиб, тадбирга тўпланганларни 2 сентябр “Билимлар куни” ва мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами билан табриклади. Бундан ташқари мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасиини ёд этиб, Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида гапирди. Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони марҳум Абдулла Ориповнинг Ўзбекистон Мустақиллигининг асосчиси бўлган буюк йўлбошчимиз хотирасига бағишлаб ёзган шеърини йиғилганлар эътиборига ўқиб эшиттирди. Байрам тадбирида мазкур йилда 1-синфга ўқишга келган бир нечта жажжи йигит, қизчалар ҳам даврага чиқиб ота-оналари, опа-акалари ва боғча опалари ёрдами билан ёд олган шеърларидан ўқишди.
Табрик сўзлари ниҳоясига еткач мактаб директори З.Ғоппоров жорий йилда 1-синфга ўқишга келган 74 нафар болажонларга 12 хил ўқув қуроллари ва китоб дафтарлар солинган ўқувчилар сумкасини Президент совғаси сифатида топширди.
Билимлар кунига бағишлаб ўтказилган байрам тадбири ниҳоясига етгач икки нафар 1-синфга ўқишга келган болажонлар томонидан биринчи қўнғироқ чалиниб, дарс бошланди. Янги ўқув йилининг бошланишида биринчи соати хотира дарси,иккинчи ва учинчи соатлар мустақиллик дарси бўлди. Хотира дарсларида мустақиллигимизнинг маънавий асосларини яратиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, ижтимоий-иқтисодий жабҳалардаги туб ислоҳотлар, дунё мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик, Қуролли Кучларимизнинг қудратини ошириш йўлидаги ишлар бевосита Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилганлиги такидланди. Биринчи Президентимизнинг узоқни кўзлаган доно сиёсати, матонати ва жасорати билан Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик барқарор ҳукум сурганлиги, турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўзаро ҳамжиҳат, аҳил ва тотувликда истиқомат қилаётган мамлакатга айлангани, Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклагани, истиқлолимиз асосчиси ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантиргани эътироф этилди. Шунингдек Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирганлиги, у нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида ҳам танилгани фахр тилга олинди.
Халқимиз ўзининг қисқа муддат - 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлаши ҳам алоҳида таъкидланди. Мустақиллик дарсларида эса мамлакатимизнинг 26 йилда кўлга киритган ютуқлари хақида ўқувчиларга тушунчалар берилди.
К.ЖАББОРОВ.