ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИМИЗ - ТИНЧЛИГИМИЗ КАФОЛАТИ

Ҳеч кимга сир эмаски ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, хавфсизлиги, тинч фаровон ҳаёти, ҳар томонлама тараққий топиши, шунингдек порлоқ келажагини қуришда унинг қуролли кучлари етакчи восита ва таянч бўлиб хизмат қилади.
Биз улкан фахр ифтихор билан айта оламизки, Ўзбекистон ҳам тарихан қисқа муддат ичида ўз мустақиллиги, чегараларимиз яхлитлиги ва халқимизнинг тинч осойишта ҳаётини таъминлай оладиган миллий армиясига эга бўлди. Мустақилликка эришиш арафасида турли қарама-қаршиликлар юз бераётган ғоят мураккаб шароитларда ташкил топган миллий армиямиз мамлакатимизда эркин, озод, обод ва фаровон ҳаёт бунёд этиш, ҳуқуқий давлат қуриш ҳамда демократик ислоҳотлар самарасини амалга оширишда ишончли кафолат ҳамда таянч бўлиб келмоқда.
Қуролли кучларимизнинг бугунги кундаги нуфузига истиқлолимизнинг илк йилларидан бошлаб ҳарбий соҳани кенг миқёсда ҳар томонлама жадал ривожлантиришга қаратилган қонун ва қарорлар асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Миллий армиямизни ривожлантириш мақсадида қабул қилинган қонун ва қарорларга асосан армиямиз такомиллашиб, замонавий қурол-яроғ, ҳарбий техника, алоқа воситалари билан таъминлаб келинмоқда. Шу билан бир қаторда сон жиҳатдан эмас сифат жиҳатдан устун армия барпо этиш йўлида қуролли кучларимизни малакали
кадрлар, офицер ва сержантлар билан тўлдириш борасида узлуксиз ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мудофаа Вазирлиги таркибидаги барча олий ҳарбий билим юртлари ҳарбий округлардаги сержантлар тайёрлаш мактаблари ва ҳудудлардаги ҳарбийлашган лицейлар, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг фаолияти самарасини ошириш уларга замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш учун ҳам мақсадли пул маблағлари ажратиб келинмоқда. Бундай амалий ишлар ҳарбий кадрларнинг малакасини ошириш билан биргаликда уларни юксак билимга эга бўлишлари учун хизмат қилиб келмоқда.
Қуролли Кучларимизда харбийларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш билан биргаликда маънавий-маърифий тайёргарлигини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Мазкур кенгашнинг топшириқ ва кўрсатмасига асосан ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини юксалтириш, қўшинларда ахлоқий-руҳий ҳолатни яхшилаш, Ватанга садоқат ва ватанпарварлик руҳини кучайтириш учун маънавият соатлари ташкил этилиши билан бирга маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказиб келинмоқда.
Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида ҳам ҳарбийларга тижорат банкларидан узоқ муддатга имтиёзли кредитлар ажратиб келинмоқда.
Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилиб келаётганлар учун яратиб қўйилган шароит ва имкониятлар эса уларнинг юксак даражада хизмат қилишларига катта мадад ҳамда куч-қувват бўлмоқда.
М. АЗИМҚУЛОВ, тумандаги Н-ҳарбий қисм ҳарбий хизматчи, сержант.