НОҚОНУНИЙ ИШ, КЕЛТИРДИ ТАШВИШ

Бугунги кунда мамлакатимизда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланмай келаётган хонадонни топиш ниҳоятда мушкул. Ҳар бир хонадоннинг беминнат дастёрига айланиб қолган электр энергияси ва табиий газ тармоқларига қонуний тарзда уланиб фойдаланилган электр ва газ тўловларини ўз вақтида тўлаб бориш, шунингдек электр ва табиий газ тармоғига ноқонуний уланган, фойдаланган газ тўловини ўз вақтида тўламаганларга нисбатан қонуний чора кўрилишини барча яхши билади. Бу ҳақда фуқароларга оммавий ахборот воситалари орқали ҳам етарлича тушунчалар бериб келинмоқда. Шундай бўлсада орамизда электр ва табиий газ тармоғига ноқонуний тарзда уланган, фойдаланган электр ва газ тўловини ўз вақтида тўламасдан келаётган фуқаролар ҳам ҳамон учраб турибди.
Туманимизнинг Сардоба маҳалласида яшовчи Чорёр Зоиров ва Хитой маҳалласида яшовчи Муфтулло Эшматовлар электр энергиядан ноқонуний фойдаланиб келаётганлардан чиқиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек ижро иши юритишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан туманда ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси ходимлари Сардоба маҳалласида яшовчи Ч. Зоиров электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланаётганлиги оқибатида жами 7473 киловат соат электр энергияни сарф қилиб, 1 526 856 сўм, Хитой маҳалласида яшовчи М.Эшматов хонадонини ўзбошимчалик билан электр энергия тармоғига улаб, ҳисобга олиш асбобисиз 23328 киловат соат электр энергияни сарф қилиб туман электр тармоқлари корхонасига 4 765 909 сўм зарар етказганлигини аниқлашди. Ушбу ҳолатлар юзасидан Ч.Зоировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддаси билан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари яъни 748 875 сўм миқторида жарима жазоси тайинланди. Яна ундан 1 526 856 сўм зарар , 299 550 сўм қайта улаш тўлови ҳам тўлиқ ундириб олинди. М.Эшматовга нисбатан ҳам Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддаси билан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари 748 875 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Бундан ташқари М.Эшматовдан 4 765 909 сўм етказган зарари, 299 550 сўм қайта улаш тўловлари тўлиқ ундириб олинди.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ барчага Ч.Зоиров билан М.Эшматовларнинг ўзбошимчалик билан электр энергиядан фойдаланганликлари уларга қанчалик қимматга тушганидан тўғри сабоқ чиқариб иш тутишлари учун етарли тафсилот деб ўйлайман.
Б.МЕЙЛИЕВ,
Мажбурий ижро бюроси Муборак туман бўлими бошлиғининг ўринбосари.