ДАВОНДАН ОШДИ

Туманимизнинг Қарлиқ ҳудудида Байрам Бозоров раҳбарлик қилиб келаётган “Махкам-Байрам” фермер хўжалиги тумандаги илғор фермер хўжаликларидан бири саналади.
38 гектар ер майдонига пахта ва ғалла етиштириб, ҳар йили ундан юқори ҳосил олиб, туманимизнинг улкан ғалла ва пахта хирмонига муносиб улуш қўшиб келаёган “Маҳкам-Байрам” фермер хўжалигининг миришкор деҳқонлари жорий йилда ҳам сўзларининг устидан чиқдилар.
Баҳорнинг серёғин, ёзнинг жазирама иссиқ кунларини писанд қилмасдан эрта-ю кеч тиним билмай астойдил тер тўкиб меҳнат қилиб, ушбу йилда 28 гектар ғалла майдонидан давлатга ғалла топшириш шартномасида кўрсатилган 81 тонналик режани ортиғи билан бажарган “Маҳкам–Байрам” фермер хўжалиги 9 гектар ерга чигит экиб, уни юксак агротехник тадбирлар асосида парваришлаб келган пахта майдонидан ҳам давлатга пахта топшириш шартномасида кўрсатилган 25 тонналик режани биринчи теримни ўзида териб олиб, туманда биринчи бўлиб шартнома режасини бажарди.
Туманимизнинг илғор фермер хўжаликлари қаторидан ўрин эгаллаб келаётган “Маҳкам–Байрам” фермер хўжалигининг пахта майдонида мўл ҳосил етиштирилишида фермер хўжаликнинг механизаторчиси Бахтиёр Бобомуродов, сувчилардан Шуҳрат Чўлиев, Гулмурод Қоиров ва Қарлиқ қишлоғидаги уюшмаган аҳоли вакилларидан ташкил топган Гулзода Равшанова бошчилик қилиб келаётган отряд аъзоларининг хизматлари бениҳоят қатта бўлди.
Турт иш кунида туманда биринчи бўлиб давлатга пахта топшириш шартнома режасини ортиғи билан бажарган Байрам Бозоров раҳбарлик қилиб келаётган фермер хўжаликнинг пахта даласида ҳали ҳосил мўл. Фермер хўжалик раиси мавсум ниҳоясига етгунга қадар давлатимизнинг юксак пахта хирмонига яна 10 тонна “оқ олтин” териб топширмоқчи.
Юксак маррани кўзлаб, меҳнат қилиб, давлатга пахта топшириш шартнома режасини ортиғи билан бажариб, бугунги кунда ғалаба нашидасини сураётган “Маҳкам-Байрам” фермер хўжалигининг аъзамат деҳқонларини зафар маррасига етиб келганликлари билан қутлар эканмиз уларни олдиларига қўйган мақсадлари ҳам амалга ошишини чин дилдан хоҳлаймиз. Қолаверса зафар маррасига етиб келиш сари астойдил ҳаракат қилиб келаётган туманимиздаги барча фермер хўжаликларига ҳам тезроқ зафар маррасига етиб келиш насиб қилишини истаб қоламиз.
А.ИСКАНДАРОВ.